Криминология тадқиқот институти томонидан Яккасарой туманида Президент қарори ижроси ўрганилмоқда
2026-02-04 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январда қабул қилинган ПҚ–1-сонли «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев, Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман прокурори Бекзод Шамшиев ҳамда тегишли масъул идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этиш борасида профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари томонидан олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди.
Маҳалла тизимида йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик, тезкор ахборот алмашинуви ҳамда аниқ манзилга йўналтирилган иш услубларининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш юзасидан ўтказилган танқидий видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси ҳам амалий жиҳатдан ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Бахтиёр Исломов маҳаллалардаги профилактика инспекторларининг ҳисоботларини тинглаб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда маҳаллабай ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ тавсия ва топшириқлар берди.
Билдирилган таклифлар асосида ишчи гуруҳлар томонидан қўшимча ўрганишлар олиб борилиши белгиланди. Ушбу ўрганишлар Яккасарой туманининг «Қушбеги», «Дилбулоқ», «Бобур» ва «Ракатбоши» маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, Яккасарой туманидаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтининг 18 нафар мутахассиси маҳалла еттилиги билан узвий ҳамкорликда, тизимли ва манзилли асосда фаолият олиб бормоқда.
Мазкур ёндашув маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти








