“Фидойи аёл ходима” кўрик-танловининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди
2026-02-04 09:00:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган аёл ходималар ўртасида “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Мазкур кўрик-танлов аёл ходималарнинг касбий билим ва малакаларини янада оширишни қўллаб-қувватлаш, ўз касбининг билимдон ва моҳир вакиллари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, шунингдек, аёл ходималарнинг жанговар, жисмоний ҳамда касбий тайёргарлик даражасини мустаҳкамлаш, профессионал ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилди.
Танлов давомида иштирокчи аёл ходималар уч босқичда белгиланган синов шартларидан ўтдилар.
Хусусан, 1000 метр масофага югуриш, комплекс жисмоний машқлар, “Макаров” тўппончасини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, амалий ўқ отиш машғулотлари ҳамда электрон тест синовлари орқали ўз билим ва маҳоратини намоён этдилар.
Синовлар натижасига кўра, барча шартларда энг юқори кўрсаткичларни қайд этган аёл ходима ғолиб деб топилиб, кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ушбу танлов ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималарнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизматга бўлган масъулиятини ошириш ҳамда соҳа нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









