Бухоро вилояти Когон туман ички ишлар бўлими учун янги бино фойдаланишга топширилди
2026-02-04 09:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг дастлабки давридан 2 та масалага, яъни аҳоли саломатлиги ҳамда фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга устувор аҳамият қаратган эди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган йиғилишда уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар ва кибержиноятларга қарши курашиш, яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш борасида қатор вазифалар белгиланди.
Президентимизнинг топшириғи асосида бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, сервис тузилмасига айланиши кўрсатиб ўтилди.
Раҳбарлар зиммасига ички ишлар тизимида фаолият юритаётган малакали ва фидойи кадрларни рағбатлантириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш вазифаси топширилди.
Ҳеч шубҳасиз, ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш орқали уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли ва виждонан бажаришига эришилади.
Бу борада вилоятимизда ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилда ички ишлар ходимларига замонавий шароитларни яратиб бериш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига вилоят маҳаллий бюджетидан 32 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейи, Ички ишлар бошқармаси Тиббиёт бўлими, Пробация хизмати биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Когон тумани ички ишлар бўлимининг янгиланган, кўркам ва замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари туман ИИБ шахсий таркиби, туман фаоллари, ички ишлар фахрийлари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов туман ички ишлар бўлими шахсий таркибини янги бино билан табриклаб, ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳолининг тинчлик ва хавфсизлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг изчил тизими яратилганлигини алоҳида таъкидлади.
Икки қаватли янги замонавий иншоотда ҳуқуқ-тартибот посбонлари самарали фаолият кўрсатишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Бинода маърифат хонаси, махсус тергов мажмуаси, туман марказидаги видеокузатув камераларига уланган ситуацион марказ, ётоқхона, ошхона фаолияти йўлга қўйилган. Патруль-пост хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа тезкор қисмлар бўлимнинг геоинформацион тизими орқали бошқаради.
Шунингдек, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари умумий бинодан алоҳида жойлашган бўлиб, уларда ҳам фуқаролар учун қатор қулайликлар яратилган. Ходимларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун мини-футбол майдони қурилди.
Буларнинг ҳаммаси ходимларнинг сиёсий, маърифий ва жанговар тайёргарлигини кучайтиришга, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этишга хизмат қилади.
Умуман, «Вобкент махсус қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларига 4 млрд. сўм маблағ сарфланди.
Тадбирда лойиҳачи ва муҳандис-қурувчиларга миннатдорлик билдирилди ва алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар иншоотда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









