Бир жиноят тафсилоти. «Ишонаверинг, мен олдим…»
2024-05-30 10:00:00 / Янгиликлар

Ҳаётимиздан тобора кенгроқ жой олаётган ва биз учун қатор қулайликларни туғдираётган илғор технологиялар, афсуски, жиноятларнинг янги турларини кашф қилди.
Чунончи, ижтимоий тармоқ орқали содир этилган виртуал ўғирлик ва фирибгарликлар билан бугун бировни ажаблантириш амримаҳол. Шу билан бирга мазкур турдаги қонунбузарликларни фош қилишнинг айрим мураккаб томонлари бор.
Мисол учун чўнтагингиздаги пулни ижтимоий тармоқ орқали ўмармоқчи бўлган шахс билан сизни минглаб километрлар, ўнлаб давлатлар чегаралари ажратиб туриши мумкин.
Шунингдек, қонунбузарда ўз шахси ва манзилини яширин тутиш, «иш»ни битиргач, изларни йўқ қилиш имкони мавжуд.
Айни шу жиҳатлар Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб, IT компаниясида фаолият юритаётган икки нафар бухоролик йигитни жиноятга ундаган бўлса, ажаб эмас.
Қисқаси, 2022 йилнинг ўрталарида улар сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси сотиш билан боғлиқ жиноий режа ишлаб чиқдилар. Бу режа ўқимасдан, назарий ва амалий имтиҳонларни топширмасдан, ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлганларни «чув» туширишга асосланганди.
Шундай қилиб, йигитлар ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда канал ва гуруҳ очган бир қатор шахслар билан онлайн боғланиб, улардан муайян ҳақ эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси сотилиши тўғрисида эълон беришни сўрайди.
Ҳар бир категориянинг ўз нархи бор эди. Хусусан, «А», «Б» ёхуд «С» категорияга эга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш истагида бўлганлар 3,5 миллион сўм, «Д» ёки «Э» категорияли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишни хоҳловчилар 4 миллион сўм, ҳам «Д», ҳам «Э» категорияли ҳайдовчилик гувоҳномаси учун эса 5,5 миллион сўм тўлашлари керак эди.
Бошқаларнинг ишончига кириш мақсадида фирибгарлар ўзларини йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари сифатида таништиради. Худди шундай, қаллоблар ижтимоий тармоқ орқали нотаниш фуқаро билан боғланиб, унинг банк пластик картасини сотиб олишади.
Мабодо қилмишлари ошкор бўлиб қолса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари банк пластик картаси эгасини осонгина топиб олишларини қонунбузарлар яхши англаганликлари учун бегона кимсанинг пластик картасидан фойдаланишни мақбул, деб билишган.
Ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни хомхаёл қилганлар ана шу банк пластик картасига пул ўтказишган. Жиноятчиларнинг иши юришгандан юришди. Аммо ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳеч ким қўлига ололмасди, табиийки, бундай қаллобликнинг сирини узоқ яширишнинг иложи йўқ эди.
Шу боис улар одамларнинг ишончига кириш учун янги-янги найрангларни ўйлаб топаверишган. Дастлаб, фотошоп дастури орқали тайёрланган қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасининг фотосуратларини намойиш қилганлар.
Бу найранг иш бермай қолгач, Россия Федерациясида яшовчи фуқаро билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, муайян шахсга тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасининг ускунадан чиқиш жараёни акс этган видеотасвирларни олишган. Мазкур тасвирларнинг ҳар бири учун россиялик ҳамтовоққа 5-10 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.
Бундан ташқари, қонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олган бир қанча шахслар билан боғланиб, уларнинг ҳар бирининг банк пластик карталарига 1,5 миллион сўмдан пул кўчириб, «Мана гувоҳномамни олдим, ишонаверинглар», деган мазмундаги фоторекламалар тайёрлашга эришганлар.
Ўз ҳайдовчилик гувоҳномаси ускунадан чиққанлиги акс этган видеотасвирларни кўрган, қолаверса, фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини олганликлари ҳақидаги чиқишларига оид фотосуратлар содда инсонларнинг шубҳасини тарқатишга хизмат қилган.
Эътиборлиси, фирибгарлар жиноий шериклари ҳамда ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олганларнинг бирортаси билан юзма-юз бўлишмаган. Онлайн мулоқот чоғида ҳам уларнинг қиёфасини ҳеч ким кўрмаган. Жиноятчилар шу йўл билан қўлга тушмасликларига ишонишган, хавф туғилгудек бўлса, ижтимоий тармоқ кунжакларида ғойиб бўлишни мўлжаллашган.
Жойи келганда айтиш керак, фирибгарлар бир масалада адашмаганди. Улар ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлганларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларига журъати етмаслигига амин бўлишган.
Дарҳақиқат, фирибгарнинг тузоғига тушиб, 3,5 миллион сўмдан 5,5 миллион сўмгача зарар кўрганлар миқ этишга ўзларида куч топа олишмади, аламини ичига ютишди.
Мазкур жиноятнинг очилишига Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимининг телеграм каналида ҳайдовчилик гувоҳномаси сотиб олиш билан боғлиқ эълонни кўриб қолгани сабаб бўлди.
Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимлари томонидан уюшган жиноий гуруҳни фош этиш чоралари кўрила бошланди.
Дастлаб, Тошкент вилояти Ангрен шаҳри «Карвон» маҳалласида яшовчи Ғ.К. қўлга олинди ва гумонланувчидан ноутбук, уяли алоқа воситаси, банк пластик карталари ҳамда 10 миллион 800 минг сўм ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида жиноий гуруҳ аъзоларининг қарийб барчаси ушланди. Қўлга олинганлар орасида жиноий гуруҳ фаолиятини бошқарган икки нафар бухоролик йигит, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари фотосуратларини ясаган дастурчи ҳамда ижтимоий тармоқда канал ва гуруҳларни ташкил қилган 6 нафар шахс бор.
Фирибгарлар 2022 йилнинг ноябрь ойидан жорий йилнинг апрель ойига қадар мамлакатимизнинг қарийб барча ҳудудларида яшовчи 200 нафардан зиёд фуқарони «чув» туширишган.
Суриштирув, тезкор қидирув ва тергов жараёнлари давом этаётганлиги инобатга олинса, жабрланганлар сони янада ортиши эҳтимоли йўқ эмас.
Гапимиз сўнгида демоқчи бўлганимиз, ҳушёр бўлинг, ҳар бир масалага қонуний ёндашинг, ана шунда фирибгарлар тузоғига тушиб қолмайсиз, ҳеч ким ҳалол йўл билан топган пулингизга эга чиқмайди.
©️ «Postda» газетаси, Бахтиёр Ширинқулов, майор. Алижон Абдусатторов, Жиззах вилояти.
