Юксак мукофот соҳиблари. «Қанча шонинг бўлса ватанни кўтар...»
2026-02-03 11:55:00 / Янгиликлар

2025 йил 21 ноябрь. Тунги соат 23.00. Шаҳар кўчаларида ҳаёт сокинлашган пайт. Аммо бу вақт йўл хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида хизмат қилаётган ходимлар учун масъулиятнинг энг оғир палласи. Ана шундай вазифани бажараётган катта сержант Ваҳобжон Мўминов инспекторлар талабига бўйсунмай, юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган автомашинани тўхтатиш учун ишора берган вақтда ҳайдовчи тезликни пасайтириб, тўхташ ўрнига, ходимнинг ҳаётини автомашина ғилдираклари остида қолдирди.
Хизматдан сўнг оиласи билан дам олиш учун турли режа ва ниятлар қилган Ваҳобжон, афсуски, шифохонага етиб бормай жони узилди. Бир йўл қотили сабабли орзулар армонга айланди.
Ота-онанинг тиргаги, фарзандларининг меҳрибон отаси, аёлининг суянчи бўлган инсонни йўқотиш дарди оғир. Эндигина 42 ёшни қаршилаган Ваҳобжоннинг вафоти ҳамкасбларини ҳам чуқур қайғуда қолдирди.
Унинг отаси Абдували Мўминов ҳам ИИБ тизимида ишлаб, жамоат тартибини сақлашга ўз ҳиссасини қўшган. Бу муҳит, шубҳасиз, Ваҳобжоннинг шу йўналишга қадам қўйишига таъсир қилган. Қолаверса, акаси Воҳиджон ва укаси Жасурбек ҳам ИИБ ходими бўлишди.
— Мен доим юрт осойишталиги, халқимиз тинчлиги йўлида хизмат қилишни шараф деб билганман ва бундан чексиз фахр туйганман, — дейди Ваҳобжоннинг отаси А. Мўминов. — Уч нафар фарзандим шу соҳани танлаганидан, уларнинг ўз бурчига садоқати, жасорати ва фидойилиги давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилаётганидан фахрланаман.
Ҳарбий хизматдан сўнг ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларида ўқиган Ваҳобжоннинг хизмат фаолияти ҳар бир қадамда, ҳар бир вазифада фидойилик, қатъият ва масъулиятга асосланган эди. 2008 йилдан бошлаб, Наманган вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизматида ишлай бошлади. Унинг хизмат давомида қўлга киритган натижалари, жамоат хавфсизлигига қўшган ҳиссаси, масъулияти ҳар бир инсон учун намуна бўлади.
Шу ўринда Ҳалима Худойбердиеванинг «Қанча қонинг бўлса Ватан учун тўк, Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар», деган мисралари хаёлга келади. Дарҳақиқат, ички ишлар органларида Ватан учун садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилган бу ходим қасамёдига содиқ қолди. Сўнгги нафасини ҳам юрт тинчлиги, халқ осойишталиги, йўллар хавфсизлиги учун фидо қилди.
Жорий йил Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, катта сержант Ваҳобжон Мўминов хизмат бурчига садоқати, жасорати ва фидоийлиги учун «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Ватан бундай фарзандларини унутмайди. Йўл хавфсизлиги учун жонини тиккан Ваҳобжон Мўминов номи ҳамиша барҳаёт. Унутилмас қаҳрамоннинг шонли хизмати, пок хотираси юракларда мангу яшайди.
Жаҳонгир Тўхтасинов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Наманган вилояти
