Қашқадарё вилоятида кибержиноятчиликка қарши курашиш ва рақамли саводхонликни ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
2026-02-03 11:40:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини кучайтириш мақсадида Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округи, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Қарши давлат техника университети билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур меморандумлар доирасида вилоят ИИБ ходимлари, ҳарбий хизматчилар, Қарши давлат техника университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган педагог ва мутахассислар билан ҳамкорликда волонтёрлар жалб этган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.
Ҳамкорлик доирасида ахборот технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, интернет ва ижтимоий тармоқларда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, шахсий маълумотларни ҳимоялаш ҳамда турли фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ва тарғибот тадбирларини тизимли равишда ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур тадбирлар орқали кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ва таълим муассасалари ходимлари ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, замонавий ахборот таҳдидларига нисбатан ҳушёрликни кучайтириш кўзда тутилган.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









