Самарқанд вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
2026-02-03 10:55:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Тохир Арипов вилоятнинг Оқдарё, Пастдарғом ва Иштихон туманларида бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Хусусан Бошқарма бошлиғи, Иштихон туманининг криминоген вазияти оғир бўлган «Иштихон» маҳалласида бўлиб, маҳаллани хавфсиз ҳудудга айлантириш мақсадида ишлаб чиқилган чораклик йўл харита билан яқиндан танишиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.
Пастдарғом туманининг «Найман» ва Оқдарё туманининг «Мустақиллик» маҳаллаларида амалга оширилган ўрганишлар давомида ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган «маҳалла еттилиги»нинг ишлари танқидий таҳлил қилиниб, улар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кўриб чиқилди.
Шунингдек, ҳудудларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган шахсий таркиб ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари билан йўриқнома ўтказилиб, уларнинг олдига устувор вазифалар белгилаб берилди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати









