“Темир интизом“ ва юксак мотивация: Бухоро вилояти Жондор туманида энг яхши 5 нафар профилактика инспектори оиласи билан чет элга юборилади
2026-02-03 10:50:00 / Янгиликлар

27 январь куни Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари, хусусан, профилактика инспекторлари фаолиятига нисбатан мутлақо янгича ёндашув талаб этилган эди.
Ана шу “Темир интизом“ ва “Янги тизим“ талабларидан келиб чиқиб, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда Жондор тумани ҳокими иштирокида анъанавий маърузалардан холи тарзда, профилактика инспекторлари билан икки босқичли учрашув ташкил этилди.
Йиғилишнинг дастлабки қисми танқидий ва таҳлилий руҳда кечди. Раҳбарлар томонидан Жондор туманидаги криминоген вазият оғир бўлган маҳаллалар кесимида жиноятчилик салмоғи чуқур таҳлил қилинди.
Хусусан, айрим ҳудудларда профилактика инспекторларининг ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан ёндашаётганлиги, “Маҳалла еттилиги“ билан ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги ҳамда оилавий-маиший низоларнинг олдини олишдаги сусткашликлар қаттиқ танқид остига олинди. Вилоят ИИБ бошлиғи ҳар бир жиноят ортида инсон тақдири турганлигини таъкидлаб, фаолиятида камчиликка йўл қўйган масъулларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўриш ва иш услубини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида асосий эътибор ходимларни қўллаб-қувватлаш ва уларга мотивация беришга қаратилди. Жондор тумани ҳокими профилактика инспекторлари меҳнатини қадрлаш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди. Хусусан, ой ва чорак якунлари бўйича ўз хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлашда юқори натижаларга эришган профилактика инспекторлари қимматбаҳо совғалар билан мунтазам тақдирланиб борилади. Йил якунидаги эса энг яхши натижага эришган 5 нафар профилактика инспекторини оила аъзолари билан биргаликда чет элга саёҳатга юбориш бўйича ваъда берилди.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида туман ҳокими ва бошқарма бошлиғи инспекторлар билан юзма-юз гаплашиб, уларни қийнаётган муаммоларни тингладилар.
Инспекторлар томонидан хизмат уйи ва яшаш шароитини яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда хизмат фаолияти давомида юзага келаётган бюрократик тўсиқлар юзасидан мурожаат ва таклифлар билдирилди. Раҳбарлар ҳар бир мурожаатни назоратга олиб, “Темир интизом“ талаб қилинган жойда, ходимлар учун барча зарур шароитлар ҳам яратиб берилишини таъкидладилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









