Янги Ўзбекистон бунёдкорлари. Муваффақият ёшга эмас, билимга боғлиқ
2026-02-02 23:00:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти ИИБ ЭКМ катта эксперти, катта лейтенант Дилбархон Умарова ўзида чуқур билим, таҳлил қилиш қобилияти, сабр ва масъулият каби сифатларни мужассам этган ходимлардан.
Лавҳамиз қаҳрамони ИИВ Академиясида устозлари — подполковниклар Садоқатхон Нуримбетова, Фурқат Собиров ҳамда Анваржон Ҳусановлардан сабоқ олиб, касбий кўникмага эга бўлди. 2022 йилда Андижон вилояти ИИБ ЭКМда илк хизмат фаолиятини бошлаб, назария билан амалиёт ўртасидаги фарқни чуқур ҳис қилган ҳолда, уларни муваффақиятнинг қўш қанотига айлантира олди.
Табиийки, ўқиш билан хизмат орасида катта фарқ бор, — дейди у. — Академияда асосан назарий билим олдим, хизматда эса ўша билимларни амалда қўллаш талаб этилади. Бу борада подполковниклар — Камолиддин Мамасолиев, Омаджон Мамадалиев ҳамда майор Достонбек Қосимжоновлар касб сир-синоатларини ўргатишди. Ҳозир ҳам бирор ишни бажаришдан аввал уларнинг маслаҳатини оламан, ўгитларига амал қиламан.
Айни пайтда катта лейтенант Дилбархон Умарова хатшунослик ва ҳужжатларни тадқиқ қилиш экспертизаси билан шуғулланади. Бугун фуқаролар орасида фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб кетиши баробарида, жиноятларни фош этишда айнан ҳужжатлар экспертизасининг аҳамияти катта бўлмоқда.
- Одамлар ўзаро олди-берди муносабатларида расмий ҳужжатлар тузиб, имзолар қўйишади. Кейин эса «бу менинг имзоим эмас», деб инкор қилиш ҳолатлари учрайди, -дейди у. — Ана шундай вазиятларда экспертиза ҳақиқатни очиб беради.
Шунингдек, иқтисодий жиноятларни тош этишда, ҳужжатларда йўл қўйилган қонунбузарликларни аниқлашда ҳам экспертиза ишлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу тариқа, бир ойда ўртача 30-40 та ишнинг ижобий ечими топилишига ҳисса қўшяпман.
У фақат ўз касбининг устаси эмас, балки изланувчан, билимга чанқоқ ходим ҳам. Бу эса турли кўрик-танловлардаги натижаларда яққол намоён бўлган. «Энг яхши эксперт», «Заковат», «Китобхон аёл», «Темур тузуклари билимдони», «Аждодлар изидан» каби республика миқёсидаги кўрик-танловларда муносиб ўринларни эгаллагани бунга яққол мисолдир. 2025 йили эса «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мутолаани ҳеч қачон тўхтатмайман. Айни пайтда ҳам ҳуқуқий рисолалар ўқиб, келгуси режаларимни илмий ёндашувлар асосида қуряпман. Бунда устозим, истеъфодаги полковник Ғуломжон Раҳимовнинг ёрдамлари катта бўлмоқда, — дейди у мамнунлик билан.
Тўғри, Дилбархон устозлардан ёлчиган. Қай бир ишга қўл урмасин, ҳамиша устозлари кўмакка шай. Бироқ касбий муваффақияти ортида оилавий тарбия, сабр ва матонат тургани унинг ҳаёт йўлида янада яққол кўринади.
Отам раҳматли 14 ёшимда оламдан ўтган, — дейди у афсус билан. — Шу сабабли турмуш ташвишлари онам Наргизахон Умарова елкасида қолган. И У киши ҳам ҳамшира, ҳам ўқитувчи сифатида ишлаб, мен ва укаларимнинг таълим олиши учун барча шароитларни яратди. Онамнинг меҳнатда фидойилиги, тарбияси менга ҳаётда ҳам, хизматда ҳам куч бағишлади.
Бугун унга ҳавас қилган, ундан ўрнак олган Икки нафар укаси олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Ўзи эса ҳамкасблари орасида ҳам ибрат намунаси бўлиб келмоқда.
Инсоннинг муваффақияти ёшга эмас, билимга боғлиқ. Ходим қанчалик билимли бўлса, муваффақиятнинг ўзи унинг ортидан эргашиб юради. Катта лейтенант Дилбархон Умарова фаолияти бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилишимизга сабаб бўлди.
©️ “Postda” газетаси, Саминжон Ҳусанзода, Андижон вилояти.
