Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ва Тошкент Кимё халқаро университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди
2024-05-29 11:25:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 январда «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий тадқиқ қилиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур фармон ва қарорлар асосида Ички ишлар вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ташкил этилди.
Айни кунда тадқиқот институти томонидан жиноятчилик тенденцияларини комплекс илмий таҳлил ва прогноз асосида аниқлаш, жиноятчиликнинг ижтимоий, иқтисодий, психологик, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, тиббий ва ташкилий омилларини комплекс илмий диагноз асосида аниқлаш, шунингдек, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали жиноятчиликнинг салбий тенденциялари ҳамда унинг омилларини бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш, ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш чораларининг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолаш каби бир қатор устувор вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда айни кунда тадқиқот объектларини кенгайтириш, ҳар қандай жиноятларни чуқур илмий таҳлил қилиш доирасида устувор вазифалар белгиланди.
Шу мақсадда Криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатидан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ва Тошкент Кимё халқаро университетлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида меморандум имзоланди.
Мазкур келишув асосида эндиликда Тошкент Кимё халқаро университетида криминология бўйича ўқув машғулотлари ўтказиш, криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатидан таъминлашда услубий ёрдам кўрсатиш, қўшма криминологик тадқиқотларни амалга ошириш учун халқаро грантларни жалб этиш, дунё илм-фани ва технологиялари илғор ютуқларидан криминологик фаолият самарадорлигини оширишда фойдаланиш шунингдек, юртимизда криминология илмий мактабларининг жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш мақсад қилинган.




