Наманган вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ёшлар билан тизимли ишлаш масалаларига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди
2026-02-01 15:05:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида ўтказилган селектор йиғилишида профилактика инспекторларининг маҳаллалардаги фаолияти таҳлил қилиниб, хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Тадбирда ички ишлар ходимларининг иш ва яшаш шароитларини яхшилаш учун маблағ ажратиш масаласи келишиб олинди ҳамда ўз хизмати билан намуна кўрсатган бир гуруҳ ходимлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан Косонсой туманида «оталиққа олинган» ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда 110 нафарга яқин ёшларнинг ижтимоий ва маиший муаммолари тингланиб, билдирилган 30 га яқин мурожаатнинг асосий қисми жойида ҳал этилди, қолган ижроси вақт талаб этадиган масалалар эса масъулларга бириктирилиб, алоҳида назоратга олинди. Бу каби учрашувлар вилоятнинг барча бўғин раҳбарлари томонидан ёшларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш мақсадида доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, Давлатобод туманида Тошкент шаҳрининг «Чилонзор» тумани тажрибасини татбиқ этиш орқали ҳудудни жиноятчиликдан ҳоли қилиш масалалари муҳокама қилинди. Идоралараро ишчи гуруҳ иштирокида ўтган йиғилишда кибержиноятлар, наркожиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда янгича ёндашувларни қўллаш, аҳоли муаммоларини доимий ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









