Хизматда жасорат кўрсатган Бухоро вилояти Вобкент тумани профилактика инспектори муносиб рағбатлантирилди
2026-02-01 11:10:00 / Янгиликлар

Жорий йил 29 январь куни Бухоро вилояти Вобкент туманида хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспектори, капитан Амрилло Расулов «Вобкент дарё» каналига ўзини ташлаган аёлни ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда қутқариб қолди. Кейинчалик мазкур аёл 4 нафар фарзанднинг онаси экани маълум бўлди. Инспекторнинг тезкорлиги ва жасорати инсон ҳаётини асраб қолишда ҳал қилувчи омил бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун Амрилло Расуловга муддатидан олдин «майор» махсус унвони берилди. Ушбу унвон вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали маросимда топширилди ҳамда у қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда профилактика инспекторларининг маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишдаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Амрилло Расуловнинг мазкур жасорати ички ишлар органлари ходимлари учун фидойилик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









