Ғурур. Отам – ҳаёт мактабим
2026-01-31 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар тонг янги кунни тинчлик-хотиржамликда қарши оларканман, юртимизда ҳукм сураётган осудалик учун шукрона келтираман. Зеро, бу олдимга қўйган улкан мақсадларимга етишишим учун яратилган катта имкониятдир. Ана шу бахтли онларнинг туҳфа этилишида отамнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги менга алоҳида ифтихор бағишлайди.
Отам, подполковник Ҳамидулло Ҳайитбоев айни пайтда Избоскан туманидаги «Шинам» маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика катта инспектори лавозимида фаолият олиб бормоқда. У масъул бўлган ҳудудда 3161 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 748 та хонадон, 1007 та оила мавжуд. Бу рақамлар хизмат жараёнида деярли ҳар куни тилга олингани сабабли менга ёд бўлиб кетган. Отам эса ушбу кўрсаткичлар ортида қанчадан-қанча оилалар тинчлиги, инсон тақдири ва болалар келажаги мужассам эканини ҳар куни чуқур ҳис этган ҳолда иш тутади.
У маҳалладаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш жараёнида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили 37 нафар ишсиз фуқарони ишга жойлаштиришга, 13 нафар аҳолига кредит олишда амалий ёрдам берди.
Ҳар бир профилактика инспекторининг халқ орасида бўлиши, одамлар билан бевосита мулоқот қилиши ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишида муҳим омил ҳисобланади, — дейди отам бизга ҳар доим. – Ана шу тамойил асосида оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш, аҳолини эҳтимолий хавф-хатарлардан огоҳлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига, тинчлик ва осойишталикка чорлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Отам ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1996 йилда Андижон тумани ИИБда участка нозири лавозимида бошлаган. Унга қадар Тошкент ўрта махсус милиция мактабида таҳсил олган.
Шу йилнинг ўзида Избоскан тумани ИИБнинг вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимида нозир сифатида хизмат қила бошлаган. Кейинги йилларда асосан ҳудудларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида самарали хизмат қилди.
2022 йилда «Ички ишлар органларидаги бенуқсон хизмати учун» кўкрак нишони билан тақдирланиши хизматларининг муносиб эътирофи бўлди.
Бугун падари бузрукворим тўрт нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, беш нафар набиранинг эъзозли бобосидир. Унинг ҳаёт йўли мен учун ҳақиқий мактаб вазифасини ўтамоқда.
Келгусида Ватанга сидқидилдан хизмат қиладиган, шахсий манфаатдан кўра жамият манфаатини устун қўядиган инсон болишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Чунки эл-юрт тинчлиги учун ҳалол хизмат қилиш энг улуғ бахт ва шараф эканини ана шу ҳаёт намунаси орқали англаб етдим.
©️ “Postda” газетаси, Қувончбек Мирабдуллаев, Андижон давлат университети талабаси.
