Сирдарё вилояти раҳбарлари тунги хизмат фаолияти билан танишди
2026-01-31 10:00:00 / Янгиликлар

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти прокурори ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида тунги вақтларда жамоат тартибини сақлашга қаратилган хизматларни ташкил этиш тартиби, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, профилактик ишлар самарадорлиги атрофлича кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, хизматни олиб бораётган ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, моддий-техник таъминот ҳолати ҳамда хизмат интизомига риоя этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини янада ошириш ва фаолиятни такомиллаштириш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур ўрганишлар келгусида жамоат тартибини таъминлаш, аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда тунги хизмат фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






