Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти иштирокида Қоракўлда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
2026-01-31 09:00:00 / Янгиликлар

Қоракўл туманида ёшларнинг дарду ташвишларини тинглаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва муаммоларига амалий ечим топиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда туман ҳокими иштирокида самимий мулоқот ўтказилди.
Ушбу тадбирга тумандаги оталиққа олинган ёшлар ҳамда уюшмаган ёшлардан иборат жами 200 нафардан зиёд йигит-қизлар таклиф этилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи учрашув аввалида ўзининг ҳаётий тажрибаси, касбий фаолиятидаги қийинчиликлар ва муваффақиятга эришишда сабр-тоқат ҳамда билимнинг ўрни ҳақида сўзлаб берди. Бу самимий суҳбат Қоракўллик ёшларда келажакка бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар томонидан ўртага ташланган ҳар бир масала синчиклаб ўрганилди. Асосий эътибор уюшмаган ёшларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратиш, моддий кўмакка муҳтож оила фарзандларининг контракт тўловлари ва соғлиғини тиклаш масалаларига қаратилди.
Учрашув давомида кўтарилган кўплаб мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди. Вақт талаб қиладиган, айниқса, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва субсидия билан боғлиқ масалалар бўйича туман мутасаддиларига аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси назоратга олинди.
Ижтимоий фаоллиги ва иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ёшлар раҳбарлар томонидан китоблар жамланмаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Эл ардоғидаги нуронийларнинг дуолари учрашувга ўзгача якун ясади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









