Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди
2026-01-31 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича белгиланган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент туманида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Мазкур мулоқот давлатимиз раҳбари томонидан хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини жойларда таъминлаш бўйича зарур чораларни белгилаб олиш имконини берди.
Барча туман ва шаҳарларда, айниқса, Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларда тинч ва барқарор муҳитни ҳар қачонгидан ҳам соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини кучайтиришни бугун замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Қайд этилганидек, мақсад — муаммоларни умумий муҳокама қилиш эмас, балки аниқ ечимлар ва таъсирчан механизмларни ишга туширишдан иборатдир.
Тадбирда вилоят ва туман даражасидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, таълим муассасалари масъуллари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлашга масъуллар, шунингдек, фаол жамоатчилик иштирок этди.
Жараёнда 2025 йил мобайнида содир этилган жиноий ҳолатлар ва уларни келтириб чиқарган омиллар таҳлил қилинди. Ўз хизмат вазифаларини етарли даражада бажара олмаётган соҳавий масъуллар фаолияти танқидий кўриб чиқилди. Дарҳақиқат, хавфсизлик масаласи фақат бир идора эмас, балки бутун жамият ҳамкорлиги орқали ҳал этиладиган масаладир. Муҳокамалар жараёнида ҳудуддаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, жиноятчиликка қарши курашишдаги устувор йўналишлар аниқ белгиланди.
Хусусан, уюшган жиноятчиликка нисбатан муросасиз ёндашувни кучайтириш, наркотик воситалар муомаласи ва кибержиноятларни эрта босқичда аниқлаш, оилавий зўравонлик, талончилик ва жамоат жойларидаги безорилик ҳолатларининг олдини олиш бўйича манзилли чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, гиёҳвандлик ва яширин иқтисодиётга нисбатан жамиятда мутлақ тоқатсиз муносабатни шакллантириш амалий вазифа сифатида белгиланди.
Алоҳида эътибор ҳуқуқбузарликлар кўп кузатилаётган ва хавф даражаси юқори бўлган, шартли равишда “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларга қаратилди. Бу ҳудудларда профилактик ишлар фақат умумий тарзда эмас, балки ҳар бир хонадон, ҳар бир оила кесимида олиб борилиши, таълим муассасалари, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик мутлақо янги, самарадор форматга ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими ўз чиқишида жамоат хавфсизлиги масаласида “майда” тушунча мавжуд эмаслигини, ҳар бир мурожаат, ҳар бир сигнал ва ҳар бир ҳолат жиддий эътиборни талаб қилишини таъкидлади. Профилактика ишлари фақат содир бўлган ҳолатга жавоб қайтариш билан чекланмасдан, жиноятга олиб келувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилган тизимли фаолиятга айланиши шартлиги уқтирилди.
Йиғилиш давомида Тошкент туманида ҳар бир маҳалла кесимида вазиятни доимий таҳлил қилиш, “қизил” ҳудудларда комплекс профилактик дастурларни кучайтириш, айниқса, ёшлар ва талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ амалий вазифалар белгилаб олинди. Учрашув якунида иштирокчилар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди, мавжуд муаммолар очиқ муҳокама қилинди.
Кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга манзилли топшириқлар берилиб, ижрони назорат қилиш механизми белгилаб қўйилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати





