Андижон вилояти ИИБ раҳбариятининг Балиқчи туманида аҳолининг ижтимоий ва ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларини ҳал этишга қаратилган сайёр қабули ўтказилди
2026-01-30 11:50:00 / Янгиликлар

Аҳолининг ижтимоий ва ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларини жойида ҳал этиш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни бевосита ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 29 январь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Санжар Джабаров томонидан Балиқчи туманида сайёр қабул ташкил этилди.
Қабул жараёнида ички ишлар органлари ходимлари билан бир қаторда тегишли давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кредит маблағлари ажратиш, пробация ҳисобидаги шахсларга оид масалалар ҳамда бошқа ижтимоий-ҳуқуқий муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Шунингдек, ички ишлар органларига бириктирилган ёшларнинг мурожаатларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Айрим мурожаатлар сайёр қабул жараёнидаёқ ижобий ҳал этилди, қолган масалалар эса қўшимча ўрганиш учун назоратга олиниб, улар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан аҳоли мурожаатларини жойида кўриб чиқиш амалиёти тизимли равишда давом эттирилиб, бу каби сайёр қабуллар келгусида ҳам шаҳар ва туманларда ўтказилиши режалаштирилган.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









