Фарғона вилоятида хавфсизликни таъминлаш, наркожиноят ва кибертаҳдидларга қарши янги тизим ва барқарор жамиятни шакллантириш қаратилган қатъий чора-тадбирлар
2026-01-29 21:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда, вилоят ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, ҳамкор идораларнинг масъуллари ҳамда туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг шахсий таркиби иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарининг ташаббуслари натижасида Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қўлланилган илғор тажрибани Фарғона вилоятида амалиётга жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, мазкур туманда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2025 йилнинг иккинчи ярмига келиб “қизил” тоифадаги маҳаллалар тўлиқ бартараф этилган.
Шунингдек, йиғилишда Фарғона шаҳар ва Қўқон шаҳрида жиноятчилик салмоғи ошиб кетганлиги кескин танқид қилинди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, 2026 йилда Фарғона вилоятида хавфсиз ҳудудларни яратиш мақсадида қатор аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, вилоятдаги барча 1015 та маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича комплекс ишлар олиб бориш, ижтимоий профилактика тизими доирасида “хонадонбай” ишлашнинг намунавий тартибини жорий этиш режалаштирилди.
Шунингдек, наркожиноятчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича масъул идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга ошириш, туман ва шаҳарлардаги, шу жумладан хусусий таълим муассасаларида “Йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳоли мактаб” лойиҳаларини жорий этиш режалаштирилди.
Вилоят ҳудудида қўшимча замонавий видеокузатув камералари ўрнатилиб, уларни Ички ишлар бошқармасининг “Ягона тезкор бошқарув маркази”га босқичма-босқич интеграция қилиш, шунингдек, кўнгилочар масканлар, савдо мажмуалари ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини таъминлаш бўйича комплекс чоралар белгиланди.
Йиғилишда интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний эгаллаш ва электрон тўлов тизимларига тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бу мақсадда ахборот технологиялари соҳасида жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган замонавий таҳлил усулларини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, ҳар бир оғир ва ўта оғир жиноят юзасидан унинг сабаб ва шарт-шароитларини чуқур ўрганиб, жиноятларга олиб келаётган омилларни бартараф этиш ҳамда профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича масъул идораларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазирининг буйруғига мувофиқ, полковник Аюбхон Рахматуллаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Шунингдек, вилоят ИИБни кўп йиллардан бери бошқариб келиб, ҳозирда Давлат раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулотда вазиятлар вазири этиб тайинланган генерал-майор Азизбек Икрамов тантанали равишда кузатилди.
Тадбирда иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди, янги тайинланган раҳбарга белгиланган вазифаларни изчил бажариш юзасидан муҳим вазифаларни қамраб олган истиқболга қаратилган дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.





















