Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан Чилонзорда киберфирибгарлар гуруҳи – «кибербункер» фаолияти фош этилди
2026-01-29 10:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда онлайн савдо ва рақамли тўловлар аҳолига қулайликлар яратмоқда. Бироқ айрим шахслар ушбу имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, машҳур савдо платформалари номидан чиқиш орқали фуқароларни алдашни тизимли фаолиятга, айрим ҳолларда эса «оилавий бизнес» даражасигача олиб чиққани аниқланмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг ертўласида ноқонуний cалл-марказ – «кибербункер» фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, Андижон вилоятида яшовчи, 1994 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан икки маротаба судланган шахс (Ж.Т.) ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни гўёки “Uzum Market” савдо иловасининг «ютуқли ўйини» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Улар «совға» учун тўлов фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча “Alhikma Ilm” МЧЖга ўтказилишини, кейинчалик эса ушбу маблағлар уларнинг корхонаси томонидан қоплаб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.
Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки «устингиздан шикоят қиламан» дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган.
Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитишиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.
Текширувлар давомида «Alhikma Ilm», «Aksiya Tech Shoop» ва «Grandbook» МЧЖлар орқали Чилонзор туманида ташкил этилган «кибербункер»да 16 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 50 нафар фуқаронинг 200 миллион сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида 22 та компьютер жамланмаси, мобил телефонлар, СИМ-карталар, банк пластик карталари ҳамда 2 500 нафардан ортиқ фуқароларнинг тўлиқ қайд этилган шахсий ва молиявий маълумотлари рўйхатлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг республиканинг бошқа ҳудудларидаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлигини, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Агар Сиз ёки яқинларингиз «Alhikma Ilm», «Aksiya Tech Shoop» ва «Grandbook» МЧЖ фаолияти билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент вилояти ИИББнинг +998717622135. +998717622024, +998717622025 навбатчилик қисми орқали ёки ўзингизга энг яқин ИИОга мурожаат қилишингиз сўралади.
Ҳар бир мурожаат қонуний тартибда кўриб чиқилиб, етказилган зарарларни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Шу ўринда юртдошларимизни яна бир бор огоҳлантириб, номаълум қўнғироқлар, «ютуқ», «лимит ажратилди» каби ваъдаларга ишонмасликка, молиявий операцияларни фақат расмий иловалар ва қонуний шартномалар асосида амалга оширишга чақирамиз.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати





