Андижон вилояти ИИБ раҳбариятининг ҳисоботи Халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги сессиясида тингланди
2026-01-29 09:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларни барвақт олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.
Жорий йилнинг 28 январь куни Андижон вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, ўтган 2025 йил давомида вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларни барвақт олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санжар Джабаровнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь куни қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ишлар натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан берилган саволларга вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан асосли ва атрофлича жавоблар қайтарилди.
Сессия якунида мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









