Ёшлар — келажак бунёдкори. Нозик нуқтада туриб
2026-01-29 23:00:00 / Янгиликлар

Жиноят ва ҳақиқат ўртасидаги нозик нуқтада туриб иш олиб бориш масъулиятли вазифа. Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Муҳайё Қудратова ана шундай шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган фидойи ходимлардан биридир.
Хизмат фаолиятини Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчилигидан бошлаган лавҳамиз қаҳрамони касбий камолот йўлида дадил қадам ташлаб келмоқда.
Фирибгарлик, безорилик, гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси каби мураккаб жиноятларни фош этишдаги фаол иштироки, далиллар билан ишлашдаги синчковлиги уни соҳанинг билимдон мутахассисларидан бири сифатида танитди.
Бинобарин, тергов жараёнида ҳар бир ҳолатга холисона, қонун доирасида ёндашиш Муҳайё Қудратованинг фаолиятида устувор тамойил ҳисобланади.
Жиноятларни очишда «калаванинг учини топиш», далилларни тўплаш, инсон тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилиш ҳар доим ҳам осон кечмайди, — дейди у. — Аслида, терговчи бўлишимга отам сабабчи бўлган.
Бугун у мен билан фахрланишини кўриб, қувонаман. Тўғри, баъзан қийин, жумбоқларга тўла воқеалар содир бўлади.
Бироқ отамнинг билдирган ишончи ва турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлови менга далда бўлади.
Дарвоқе, катта лейтенант Муҳайё Қудратова 2024 йилда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Йилнинг энг яхши терговчи аёл ходимаси» деб топилгани эътиборга лойиқ.
Бу эътироф нафақат шахсий ютуқ, балки аёлларнинг тергов каби мураккаб соҳада муносиб ўрин эгаллаётганининг яққол исботидир.
Муҳайё Қудратова хизмат билан бир қаторда, спортга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Волейбол билан мунтазам шуғулланиб, Тергов бошқармаси жамоаси аъзоси сифатида вилоят ва вилоятлараро мусобақаларда ғалабаларни қўлга киритишда фаол қатнашгани унинг иродали, жамоавий руҳга эга шахс эканини кўрсатади.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.
