Аёл ва жамият. Низога ечим – адолатда
2026-01-27 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳри. Оилавий муносабатларда гоҳида жиддий низолар кўзга ташланиб туради. Бундай вазиятларда хотиржамликни тиклаш, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва энг муҳими — жиноят содир этилишининг олдини олиш масъулияти хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар зиммасига тушади.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ХҚМБ катта инспектори, подполковник Лолахон Турсуналиева ана шундай масъулиятли вазифани зиммасига олган, ҳудуддаги 15 та маҳалла хотин-қизларининг дарду ташвиши билан яшаётган ходимлардан.
Кўпинча оилавий низоларга «Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши» қабилида қаралади. Бироқ статистик таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўз вақтида ечим топилмаган кичик низо катта фожиага сабаб бўлиши мумкин.
Ўтган йил давомида 68 нафар хотин-қизга нисбатан «ҳимоя ордери» расмийлаштириб берилгани — бу шунча аёлнинг зўравонликдан нажот топгани ва шунча оилада содир этилиши мумкин бўлган жиноятнинг олди олингани демакдир.
Бугунги кун инспектори фақат воқеа жойига борувчи эмас, балки аҳоли билан доимий мулоқотда бўлувчи ходимдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган «Менинг инспекторим» мобил иловаси бу борада янги даврни бошлаб берди. Шу кунгача унинг томонидан 300 дан ортиқ фуқаро ушбу тизимга уланди. Бу ишлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Инспектор фаолиятида қуруқ ҳисоботлардан кўра, инсон тақдири устувор. Буни подполковникнинг кундалик ишларида ҳам кўриш мумкин. Мунавварқори номли маҳалладаги Гулбодом кўчасида яшовчи Шаҳноза Артиқованинг тақдири бунга яққол мисол. Ишсизлик ва моддий қийинчилик гирдобида қолган аёлга нафақат маънавий, балки амалий ёрдам кўрсатилиб, унинг бандлиги таъминланди.
Якка-ёлғиз яшовчи хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам подполковник учун касбий мажбурият эмас, балки инсоний бурчга айланган.
Жиноятга тўсиқ — ҳушёрликда, низога ечим — адолатда, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. Унинг фаолияти сарҳисоби шуни кўрсатадики, қаерда инспектор маҳалла билан ҳамнафас бўлса, ўша ерда хотин-қизлар ўзини хавфсиз ҳис қилади. Зеро, маҳалла осойишталиги — юрт тинчлигининг мустаҳкам пойдеворидир.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров.
