Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида раҳбар ва ёшлар очиқ мулоқот тарзидаги учрашуви бўлиб ўтди
2026-01-27 09:00:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбирда бошқарма бошлиғи, масъул раҳбарлар, соҳавий хизматлар ва мустақил бўлинмаларнинг ёш ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашди. Шунингдек, видеоконференс алоқа орқали ҳудудий Ички ишлар бўлимлари масъуллари ва ёш ходимлар ҳам мулоқотга жалб этилди.
Учрашувни кириш сўзи билан очган бошқарма бошлиғи мамлакатимизда ички ишлар органларини чинакам халқчил, фуқароларга хизмат қилувчи тизимга айлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ушбу жараёнда ёш ходимларнинг тутаётган ўрни ҳақида батафсил маъруза қилди.
Очиқ мулоқот давомида ёш ходимлар томонидан ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, замонавий ёндашув ва ташаббусларни амалиётга жорий этиш юзасидан қатор таклиф ва фикрлар билдирилди.
Ушбу таклифлар раҳбарият томонидан ижобий баҳоланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Тадбир якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда ўзининг билим ва салоҳияти, ташаббускорлиги ҳамда ҳалол меҳнати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек ички ишлар органларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёш ходимларнинг ота-оналари бошқарма бошлиғининг миннатдорлиги ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









