Бухоро вилояти ИИБда навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди
2026-01-26 11:05:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ва мавжуд муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида навбатдаги шахсий қабул бўлиб ўтди.
Тасдиқланган режа-график асосида, 2026-йил 25-январ куни Бошқарма бошлиғи вилоят аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётганлиги алоҳида таъкидланди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан тергов ва суриштирув жараёнларининг бориши, оилавий низолар ва ҳуқуқий маслаҳатлар, ички ишлар органлари фаолиятига оид бошқа таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув давомида 10 га яқин мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг салмоқли қисми жойида ижобий ҳал этилиб, фуқароларнинг масалалари ўз ечимини топди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса масъул соҳавий хизмат раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси шахсан бошқарма бошлиғи назоратига олинди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу каби қабуллар нафақат муаммоларни ҳал этиш, балки тизимнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда халқнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









