Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди
2026-01-26 10:25:00 / Янгиликлар

25 январь куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов томонидан Хонқа туманининг “Эзгулик” маҳалласида фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур сайёр қабул ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, фуқароларни қийнаётган масалаларга ўз вақтида қонуний ва амалий ечим топишга қаратилди.
Қабул жараёнида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари фаолиятига доир, жумладан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика ишлари, маъмурий ва ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи томонидан атрофлича тингланиб, айрим масалалар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қўшимча ўрганишни талаб этган мурожаатлар бўйича эса тегишли соҳавий хизмат ва бўлинмалар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ва тезкор ҳал этиш, шунингдек, ички ишлар органлари билан аҳоли ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати








