Ҳамкасбларимиз ҳақида.Тийрак нигоҳли посбонлар
2026-01-25 23:00:00 / Янгиликлар

Кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони уч нафар ходимининг ўткир ва теран нигоҳлари, зийраклиги сабаб бир жиноят «иссиқ изида» фош этилди.
Жорий йилнинг 5 январь куни Қарши шаҳрининг «Чармгар» маҳалласи ҳудудида кечки соат ўнларда хизмат олиб бораётган кичик сержант Шавкат Раҳматуллаев, сафдорлар Шавкат Азизов ва Фирдавс Қиличевда бир фуқаронинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотди. Шу боис у тўхтатилиб, суҳбатлашилганида гаплари узуқ-юлуқ чиқиб, кўзларини олиб қоча бошлайди. Планшет орқали шахсига аниқлик киритилганида эса, унинг Қарши туманида яшовчи 22 ёшли И.Б. экани маълум бўлди.
Шундан сўнг И.Б. «102» муқим мобил постига таклиф этилиб, ёнлари кўздан кечирилди ва гугурт қутиси ҳамда 1000 сўмлик купюрага ўралган гиёҳвандлик ўсимлиги қуритмаси борлиги аниқланди. Фуқаро ва ашёвий далиллар Қарши шаҳар ИИО ФМБга топширилди. Ҳозир ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда, ППХ батальони ходимлари жорий йилнинг ўтган даврида 31 нафар фуқаро сархуш (спиртли ичимлик ёки наркотик модда таъсирида бўлган, ўзини ўзи бошқариш қобилиятига эга бўлмаган) ҳолда эканини аниқлаб, тиббиёт муассасалари ва ҳушёрхоналарга топширишди. «Тиғ» профилактик тадбири доирасида эса 10 нафар фуқародан ўткир тиғли буюмлар олиниб, тегишли чора кўрилди.
Шунингдек, тунги вақтларда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги 139 та объект текширилиб, қоровуллар хизмат фаолияти ўрганилган ҳолда, профилактик тадбирлар амалга оширилди. Тунги вақтда қаровсиз қолдирилган 25 та буюм ўз эгаларига огоҳлантириб топширилди.
©️ "Postda" газетаси, Эсон Йўлдошев, катта сержант. Қашқадарё вилояти
