ИИВ Академиясида ёш ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди
2026-01-01 00:00:00 / Янгиликлар

Шижоат, бирдамлик, букилмас ирода, илм фан ва спортга бўлган меҳр-муҳаббат, бу – Янги Ўзбекистон ёшларининг ҳар бирига хос хусусият. Бугун шахсан Президентимизнинг ёшлар сиёсатига қаратаётган доимий эътибори, эртанги кун эгаларига билдирилаётган юксак ишонч уларга қанот бахш этиб, янада юксак марраларни кўзлашга ўргатмоқда.
Ички ишлар вазирлигида ҳам шахсий таркибнинг асосий қисмини айнан ёшлар ташкил этади ва уларнинг тизим ривожи, мамлакатимиз хавфсизлиги, юртдошларимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги хизматлари кўлами улкан.
Ички ишлар вазирлиги Академиясида, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг тизимдаги ёш ходимлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларга мурожаати акс этган видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг, Ички ишлар вазири ёшларга қаратилаётган эътибор, иқтидорли, салоҳиятли ёш кадрларни танлаб олиш, уларнинг ўқув карьера тизими орқали ривожлантириш ва фаолият юритаётган соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишлари учун мавжуд имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Бу йўналишда биринчи навбатда давлат раҳбарининг шахсан ёшлар сиёсатига бўлган эътибори ва масъуллар олдига белгилаб берган вазифалари дастур-амал бўлаётганилиги эътироф этилди.
Ички ишлар вазири ўз маърузасида, замонавий хавф хатарлар олдида, ўз билим тафаккури, мустақил қарор қабул қилиш қобилияти ва ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ходимларга талаб ортиб бораётганлигини таъкидлади. Чиндан ҳам айнан шундай ёш кадрлар мамлакатимиз эртанги ривожини, барқарор осойишталикни таъминлашда асосий кучга айланади.
Маърузадан сўнг тадбирнинг 2-қисми – ёш ходимлар томонидан тайёрланган тақдимот билан давом этди. Сўнгра, очиқ мулоқот орқали иштирокчилар тўғридан-тўғри вазирга ўз саволлари ва таклифларини билдиришди.
Мулоқотда айниқса конференц-алоқа орқали иштирок этган туман ички ишлар бўлимида хизмат қилаётган ёш йигит қизларнинг ташаббуслари ва таклифлари юзасидан бир қатор ижобий лойиҳалар йўлга қўйилиши белгиланди. Ходимларнинг спорт ва илмий тадқиқот билан шуғулланишларида шароит яратиш бўйича ҳудудий бошқарма бошлиқларига топшириқлар берилди.
Ўз хизмат фаолияти давомида, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшаётган юксак ҳиссаси ҳамда турли йўналишларда эришаётган самарали натижалари учун бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазири томонидан тақдирланди.
Мукофотлар топширилганидан сўнг тақдирланган ходимлар сўз олиб, бу юксак ишонч учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Учрашув давомида билдирилган таклифлар ва саволлар, очиқ мулоқот жараёнида муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, ички ишлар вазири томонидан масъулларга бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бир сўз билан айтганда ҳар бир ёш ходим ушбу учрашувдан ўзига катта таассурот олди ва ички ишлар органларининг эртанги келажаги, ватаннинг муқаддас тинчлиги зиммасидаги улкан масъулият эканлигини ҳис этди.









