Наманган вилояти ИИБнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари бўйича сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди
2026-01-24 16:15:00 / Янгиликлар

Мазкур йиғилишда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, тергов ва ташкилий бўлинмалар бошлиқлари, Ички ишлар вазирлигининг вилоят ҳудудидаги таркибий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Бошқарма соҳавий хизматлари ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2025 йил мобайнида амалга оширилган чора-тадбирлар, эришилган натижалар ҳамда мавжуд камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Хизмат фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган ходимларнинг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, уларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Саидкарим Нишанбаев ҳамда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шухрат Алиев томонидан ички ишлар органлари ходимларига хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш, юклатилган вазифа ва топшириқларни сўзсиз ва масъулият билан ижро этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мансаб ваколатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик, коррупциявий иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлиш, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини белгиланган тартиб ва муддатларда холисона ҳамда қонуний асосда кўриб чиқиш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати





