Аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ва қонуний манфаатларни таъминлашга қаратилган навбатдаги қабуллар ўтказилди
2026-01-24 10:00:00 / Янгиликлар

Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, фуқароларни қийнаб келаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш, шунингдек, келиб тушган мурожаатлар асосида тизимли иш ташкил этиш ҳамда аниқ чора-тадбирлар белгилаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги қошидаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплексидан аҳоли билан видеоконференц алоқа тизими орқали қабул ўтказилди.
Қабул жараёнида жами 73 нафар фуқаро 65 та масала юзасидан мурожаат қилиб, ўз муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак сўради. Мурожаатлар Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан бевосита кўриб чиқилиб, уларнинг 24 таси, яъни 36 фоизи қабул давомидаёқ ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, 12 та мурожаат бўйича ариза муаллифларига малакали ҳуқуқий маслаҳат ва атрофлича тушунтиришлар берилди.
Масалани ҳал этиш учун қўшимча ўрганиш ва маълум муддат талаб этилган 29 нафар фуқаронинг мурожаатлари ижрога йўналтирилиб, масъул раҳбар ва ходимларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда уларнинг қонуний ҳал этилиши қатъий назоратга олинди.
Таҳлилларга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг 45 таси суриштирув ва дастлабки терговга оид масалаларга, 3 таси ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 3 таси терговга қадар текширув ҳаракатлари бўйича, 2 таси ходимларни бошқа хизмат жойига ўтказиш (ротация) масалаларига ҳамда 12 таси ички ишлар органлари фаолиятига оид бошқа йўналишдаги масалаларга тўғри келди.
Мазкур қабул аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


