Биз коррупцияга қаршимиз! Ҳалоллик — асосий мезон
2024-05-24 11:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ички ишлар органларининг барча бўғинларида коррупцияга қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилинишини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда коррупция ва порахўрлик, тамагирлик каби жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари тушунтирилмоқда.
Жумладан, вилоят ички ишлар органларида «Коррупцияга қарши курашиш долзарб 10 кунлиги» тадбири ўтказилди. Тадбир доирасида ИИВ ШХББ вилоят бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ҳамда Фахрийлар кенгаши билан ҳамкорликда ходимлар иштирокида профилактик учрашувлар ташкил этилди.
Кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар бесамар кетмаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан 16 та пора бериш жинояти фош этилгани бунинг тасдиғидир.
Жумладан, жорий йилнинг 29 апрель куни Ғузор туманида яшовчи фуқаро С.Ш.нинг мурожаати юзасидан туман ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи, майор Акмал Темиров олиб борган суриштирув ишлари давомида «Eriell» компаниясига қарашли бурғулаш жойидан тахминан 100 метрлик темир қувурлар ўғирлангани ва буни шу компанияда ҳайдовчи лавозимида ишловчи К.Ж. содир этгани аниқланган.
Шу куни фуқаро К.Ж.га нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтда у ишни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ходимга 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф этади.
Майор А.Темиров фуқарога бу ҳолат жиноий жавобгарликка тортилишга олиб келишини тушунтирсада, у ниятидан қайтмайди…
Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро К.Ж. майор А.Темировга 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ушланди.
Жамиятда соғлом муҳитни яратиш, қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим йўли ҳуқуқий саводхонликдир. Қолаверса, ҳар бир ота-она фарзандларига болалигидан покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашни ўргатса, бу муаммо ечимига олиб боради.
Демак, коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади.
©️ «Postda» газетаси, Ҳамза Ниёзов, капитан. Қашқадарё вилояти.
