Ёшлар — келажак бунёдкори. Тўмариснинг фарғоналик издоши
2026-01-23 23:30:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳар ИИБ ТҚХ терроризмга қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили лавозимида хизмат қилаётган катта лейтенант Дилафрўз Узоқова ҳам ўз мақсадлари сари дадил одимлаётган фаол ёшлар сирасига киради.
Болалигидан ички ишлар органлари ходимларига ҳавас қилиб улғайган лавҳамиз қаҳрамонининг орзуларига ИИВ Фарғона академик лицейи қанот берди. У 2017-2020 йилларда мазкур даргоҳда ўқиб, пухта билим эгаллади. Кейинчалик олган билимлари туфайли ИИВ Академияси курсантлари сафига қўшилди.
2023 йилда Академияни тамомлагач, Марғилон шаҳар ИИБда фаолиятини бошлаган жонсарак бу қиз эркаклар билан ёнма-ён туриб, шарафли вазифани мардонавор бажариб келмоқда. Шу билан бирга, амалиётда тажриба орттириб, билмаганларини устозлардан ўрганяпти. Профилактик тадбирларни ташкил этишдаги фаоллиги эса эътирофга сазовордир.
Юртимизда турли соҳаларда ташаббускорлик кўрсатиб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, тиришқоқ ва интилувчан ёшлар муносиб рағбатлантирилиши Дилафрўз мисолида ҳам яна бир бор ўз исботини топди.
Унинг жонсараклиги, касбга садоқати ва хизматда эришаётган ютуқлари эътиборга олиниб, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра, «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тўмарис сиймосига ҳавас қилмаган қизлар жуда кам топилади, — дейди лавҳамиз қаҳрамони қувончини яширолмай. — Мен ҳам буюк аждодларимиз билан фахрланиб, уларга ҳавас қилиб камолга етганман. Бугун кўксимга тақилган улуғ аждодимиз номи билан аталувчи ушбу кўкрак нишони зиммамдаги бурч ва масъулиятни икки ҳисса оширганини ҳис этдим.
Демак, мен Тўмарис каби шиддатли, қатъиятли ва ватанпарвар бўлишим, ўзимга билдирилган юксак ишончни оқлашим зарур.
Бу мукофотга сазовор бўлишимда менга касб сир-асрорларини ўргатиб, қўллаб-қувватлаб келаётган Марғилон шаҳар ИИБдаги барча устозларимнинг меҳнати мужассам эканлигини ҳам алоҳида эътироф этаман.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
