Жиноятчиликни жиловлашнинг янги механизмлари: Когон туманида Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди
2026-01-23 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1 ҳамда ПҚ-2 сон қарорлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга етказиш мақсадида ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Когон туманида ўтказилган навбатдаги ўқув-семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сон ҳамда ПҚ–2-сон қарорлари ижросига бағишланди.
Машғулотларда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи маърузачи сифатида иштирок этди.
Гуруҳ таркибидан вилоят прокуратураси, Адлия бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг малакали мутахассислари ўрин олди.
Тингловчилар сифатида Когон туман ҳокимлиги ва прокуратураси масъул ходимлари, туман ички ишлар бўлими раҳбарияти, ҳудуддаги барча маҳаллаларнинг «маҳалла еттилиги» аъзолари ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига дахлдор барча субъектлар жалб этилди.
Тадбир давомида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорларида белгиланган концептуал вазифаларни атрофлича шарҳлади.
Хусусан, маҳаллаларда «хавфсиз муҳит»ни шакллантиришнинг янгича ёндашувлари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишда «маҳалла еттилиги» институтининг роли, ижтимоий профилактика субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, муаммоли оилалар ва шахслар билан манзилли ишлашнинг аниқ механизмлари бўйича услубий ва амалий тавсиялар берди.
Семинар интерактив руҳда ўтиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ўтказилаётган ушбу ўқув машғулотлари маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини ишончли таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда давлат органлари ва жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









