Навоийда онлайн семинар: маҳаллаларда хавфсиз муҳит ва жиноятчилик профилактикаси масалалари муҳокама қилинди
2026-01-22 15:20:00 / Янгиликлар

ИИВ Академияси масъуллари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, Миллий гвардия, Маҳаллалар уюшмаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, оила ва хотин-қизлар, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ёшлар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари ҳудудий прокурорлар, ички ишлар органлари бошлиқлари тегишли идора-ташкилотлар ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида онлайн тарзда ўтказилган мазкур ўқув семинарида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1 сон ҳамда «2026 йил республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2 сонли қарорлари ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, хавфсиз муҳитни шакллантириш, профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, соҳалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида манзилли ишлаш тизимини жорий этиш, аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш ва муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари белгилаб олинди.
Семинар якунида масъул идора ва ташкилотлар раҳбарларининг тушунтириш ва ахборотлари тингланди. Қарорлар ижросини сўзсиз таъминлаш, белгиланган вазифаларни аниқ муддатлар асосида сифатли амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати









