Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Ғиждувон тумани «Нодирабегим» маҳалласида сайёр қабул ва «маҳалла еттилиги» билан мулоқот ўтказди
2026-01-22 12:25:00 / Янгиликлар

Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш мақсадида, тасдиқланган режага мувофиқ, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан Ғиждувон тумани «Нодирабегим» маҳалла фуқаролар йиғини биносида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан иш билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш, имтиёзли кредит олишда кўмак бериш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар юзасидан 10 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Ҳар бир мурожаат юзасидан фуқароларга амалдаги қонунчилик асосида батафсил тушунтиришлар берилди.
Мазкур тадбир доирасида нафақат сайёр қабул, балки «маҳалла еттилиги» иштирокида очиқ мулоқот ҳам ўтказилиб, «қизил» тоифага киритилган мазкур ҳудуддаги криминоген вазият атрофлича муҳокама қилинди. Суҳбат давомида маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳалла еттилиги билан ўтказилган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сон қарорлари талабларига мувофиқ ҳудудда комплекс чора-тадбирларни белгилаш, профилактик ишларни тизимли ташкил этиш, ижтимоий хавф омилларини бартараф этиш ҳамда келгусида жиноят содир этилишига йўл қўймаслик бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида масъулларга ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, муаммоли масалаларни манзилли ҳал этиш, фуқаролар билан ишлаш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси раҳбарият томонидан қатъий назоратга олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар ва маҳалла еттилиги билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









