Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Туркия Республикасига расмий ташрифи: хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида стратегик ҳамкорлик янги босқичда
2026-01-21 14:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси делегацияси томонидан кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масаласида Туркия Республикасига ишчи ташриф амалга оширилди.
Ташрифда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошчилигида мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларидан иборат делегация иштирок этди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси делегациясини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған қабул қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми доирасида учрашув ўтказилди.
Тадбир, кун тартибига мувофиқ икки томонлама муносабатларнинг энг долзарб мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал жараёнлар, шунингдек барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг Туркия Республикаси Ички ишлар вазири жаноб Али Ерликая ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилди.
Тадбирда томонлар ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалий натижалари ва келгусидаги устувор йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди.
Музокаралар давомида томонлар трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор ва самарали ахборот алмашиш, миграция масалалари, илғор тажриба ва замонавий усулларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кибержиноятчиликка қарши кураш масалалари кенг муҳокама қилинди. Томонлар рақамли хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, кибержиноятларни фош этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, рақамли криминалистика йўналишида махсус ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда бу соҳада мунтазам тажриба алмашиб бориш муҳим эканини таъкидладилар.
Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби халқаро миқёсдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Айниқса, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Жандармерияси ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу йўналишда қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий материаллар алмашиш ва илмий-амалий конференциялар ташкил этиш истиқболлари белгиланди.
Учрашув якунида миграция жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўз давлатларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда бу борада ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Туркиянинг ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари муассасалари фаолияти билан батафсил танишди.
Жандармерия Бош қўмондонлигининг Кузатув марказида, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб қайтариш, мониторинг ва бошқарувнинг замонавий тизимлари билан танишилди.
Миллий Полиция академиясида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ташкил этиш, ўқув жараёнларига инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича Туркия тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Полиция махсус вазифаларни бажарувчи бош бошқармасига ҳам ташриф уюштирилди. Унда махсус бўлинмаларнинг жисмоний ва тактик тайёргарлиги, замонавий техника ва жиҳозлардан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек махсус операцияларни ўтказиш амалиёти намойиш этилди.
Дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтган мазкур ташриф Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ички ишлар органлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги қўшма саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.









