Тергов амалиётидан. Қимматга тушган мушт
2024-05-22 19:00:00 / Янгиликлар

Ж.Жумақул (исмлар ўзгартирилди) ҳали тонг отмасданоқ, «Спарк» русумли автомашинасида отаси билан молбозорга йўл олишди.
Катта йўл ёқасига чиққач, бетон тўсиққа яқин қисмидан ҳаракатланишни давом эттирди. Шу пайт орқада келаётган «Эпика» русумли автомашина ундан йўл сўраб, узоқни ёритувчи чироқларни ёқиб ўчирди.
Бироқ ўнг томонида ҳам бошқа автотранспорт воситалари ҳаракатланиб келаётганлиги сабабли «Эпика»га йўл беролмади. Бу эса ҳайдовчини «шер»га айлантирди.
У «Спарк»ни қувиб ўтиб, Жумақулга қўли билан имо-ишоралар қилиб, автомашинани тўхтатишни сўради. Ноилож у четга чиқиб тўхтади.
«Эпика» ҳайдовчиси машинадан туша солиб ўшқира кетди. Сўнг ҳақоратлашга тушди. Жумақулнинг босиқлик билан муомала қилишига жавобан ҳайдовчи унга ташланди. Жумақулнинг ҳам жаҳли чиқиб, унинг юзига мушт туширди. Кейин яна кетма-кет икки маротаба урди.
Шу тариқа, йўқ жойдан чиққан машмаша туфайли уларнинг бири шифохонага, яна бири туман ИИБга келтирилди.
Тергов жараёнида Жумақул айбига иқрорлик билдирди. Аммо жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Суд ҳукми билан Ж.Жумақул қилмишига яраша жазосини олди.
Яъни, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.
Беҳзод Файзуллоев, Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, майор.
