Аёл ва жамият. Уйғоқ юракнинг нурли нуқталари ёхуд масъулият ва шараф ёнма-ён
2026-01-20 14:30:00 / Янгиликлар

Яқинда тўйхонада бир ёшгина жувон ёнимга келиб, қуюққина сўрашди. Сўнг «Феруза опа, мени танимадингиза, ойим ҳам сизга салом айтдилар, кейинги столда ўтирибдилар», — деб қолди. «Синглим, ростан ҳам сизни танимадим», дедим шошиб қолганимдан. Шунда у: «Опа, бундан бир неча йил илгари ажрашмоқчи бўлганимда, оиламни сақлаб қолгансиз. Онам: «Ана Феруза опанг», — дея кўрсатдилар. Сизга раҳмат айтмоқчиман, ўшанда тўғри маслаҳат берган экансиз. Ҳозир фарзандим иккита бўлди, қайнонам билан келишиб олдим, турмушим изига тушиб кетди», — деганида, кўзларимга ёш келиб, уни маҳкам қучиб олдим. Бундан 2-3 йил илгари қайнонаси билан чиқишолмай, эридан нолиб ажрашмоқчилигини айтиб, етти ойлик чақалоғини бағрига босиб олдимга келган келинчак эди. Биласизми, мен уни шу онда эсладим. Ва хурсанд бўлдим, чунки кўзлари бахтиёрликдан чақнаб турарди...
Тошкент вилояти ИИББ Иккинчи минтақавий ҳудуд Ангрен шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Феруза Матибрагимова билан суҳбатлашсангиз, салкам ўттиз йиллик хизмат фаолияти билан боғлиқ қалбини нурлантириб турувчи ана шундай ҳаётий мисолларни гоҳ кўзига ёш олиб, гоҳ кулиб сўзлаб беради.
Фидойи ходима айни пайтда Ангрен шаҳрида истиқомат қилаётган 91280 нафар хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга масъул, оилалардаги муаммоларни тизимли ўрганади. Ўз ўрнида ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш мақсадида маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорлик қилади. Шу ўринда ўтган 2025 йилда 917 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилганлигини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Пробация гуруҳи назоратида турувчи, ичкиликка ружу қўйган, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган хотин-қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ва уларнинг муаммоларига ечим топиш лавҳамиз қаҳрамонининг кундалик вазифаларининг муҳим бир бўлагига айланиб улгурган.
— Устозим Феруза опа соҳага оид ҳуқуқий билимларни ҳаётий мисоллар билан эринмасдан тушунтиради, — дейди лейтенант Севинч Абдуғаффорова. — Маҳаллалардаги ўрганиш, профилактик суҳбатлар жараёнига бирга олиб бориб, бевосита кўрсатиб тавсиялар бериб: «Ёшсан, ўрганишинг, ўз устингда ишлашинг керак», — дея таъкидлайдилар. Мен доим устозимга муносиб шогирд бўлишга, улар сингари узоқ йиллар тизимда самарали хизмат қилишга ҳаракат қиламан.
Инсон умри оқар сувга ўхшайди. Уни қадрлаганлар ҳаётда ўрнини топади. Феруза опа ҳам хизматдаги эзгу амаллари билан ҳамкасблари, раҳбарлари, яқинлари, энг муҳими аҳоли ишончини оқлаб келмоқда.
Эзгу мақсадли инсонлардан яқинлари ибрат олишга ҳаракат қилишади. Буни қаҳрамонимизнинг укаси истеъфодаги майор Ботирали Матибрагимов ҳам унга ҳавас қилиб, ички ишлар органларига хизматга кириб, намунали фаолият юритиб, ёруғ юз билан пенсияга чиққанида, ҳозирда жиянлари Жасурбек Сатимов, Равшанбек Матибрагимов ҳам тизимда сидқидилдан хизмат қилаётгани мисолида яққол кўринади. Сўзимиз сўнгида айтаримиз шуки, подполковник Феруза Матибрагимова масъулият ва шараф ёнма-ён хизматининг ҳар сониясини уйғоқ юрагининг нурли нуқталарига айлантира олган касб фидойиларидан.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент вилояти
