«Темурбеклар мактаби» лицейи ўқувчилари учун кўргазмали машғулотлар ўтказилди
2026-01-20 14:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари учун кўргазмали машғулотлар ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади ёшларни институт фаолияти билан яқиндан таништириш ҳамда учувчисиз учиш воситалари (дронлар) бўйича амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборат бўлди.
Машғулотлар давомида Ахборот-технологиялари цикли профессор-ўқитувчилари томонидан ўқувчиларга замонавий учувчисиз учиш воситаларининг турлари, уларнинг қўлланилиши, хавфсизлик қоидалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Дронларни бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича амалий намойишлар ўтказилди. Шунингдек, ўқувчилар электрон тирда амалий ўқ отиш ҳамда автомат Калашников ва Макаров пистолетларини тўлиқ ва тўлиқсиз қисмларга ажратиш машқларини бажариб кўрдилар.
Тадбир ўқувчиларда ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларига бўлган қизиқишни ошириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати





