ИИВ ишчи гуруҳи томонидан ўқув-семинар машғулотлари ўтказилмоқда
2026-01-20 10:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ИИВ масъул ходимлари, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Криминология тадқиқот институтининг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда барча соҳавий ва ҳудудий ички ишлар органларида ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.
Ўқув-семинар машғулотлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича яхлит манзилли иш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1-сон ва 2-сон қарорларининг бош ғояси, мақсад ва асосий принциплари батафсил тушунтирилди. Хусусан, маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хавфсиз муҳитни яратишда манзилли, тизимли ва масъулиятли ёндашувни жорий этиш тартиби бўйича маълумот берилди.
Қарорларда белгиланган мақсадлар — криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини янги механизмлар асосида ташкил этиш масалалари кенг ёритилди. Шунингдек, қонунийлик, очиқлик, манзиллилик, профилактиканинг устуворлиги каби асосий принциплар амалиёт мисолида тушунтирилди.
Бундан ташқари, криминоген вазияти оғир ва «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларни масъул ходимларга бириктириш тартиби, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмлари юзасидан атрофлича изоҳлар берилди. Аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш, улар билан манзилли профилактик ишлар олиб бориш, тарбиявий ва тушунтириш тадбирларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйган шахслар билан ишлаш тартиблари, уларни аниқлаш, ҳисобга олиш, профилактик суҳбатлар ўтказиш, ижтимоий реабилитация ҳамда мослашув чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича тушунтиришлар берилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ижтимоий профилактик чора-тадбирлар ҳам кенг ёритилди.
Семинар жараёнида ходимларнинг мавзу юзасидан қизиқтирган саволларига ишчи гуруҳ таркибидаги мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Мазкур ўқув-семинар ички ишлар органлари ходимларининг қарорлар мазмунини чуқур англаб етиши, уларда белгиланган бош ғоя, мақсад ва принципларни амалиётда тўғри қўллаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди. Натижада маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, профилактика ишларини манзилли ва тизимли ташкил этиш, аҳоли тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати









