Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти Сардобада ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
2026-01-19 23:55:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фаррух Ҳайдаров Сардоба туманида бўлиб, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул раҳбар ходимлари томонидан оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган учрашувда маҳалла еттилиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Учрашув аввалида мамлакатимизда ҳаётда ўз ўрнини топа олмаётган, турли салбий иллатлар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида ёшларнинг мавжуд муаммо, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Хусусан, иштирокчилар пробация ҳисобига олинган ёшларни шартли равишда озод этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан мурожаатлар билдиришди.
Ёшлар томонидан кўтарилган аксарият масалалар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш ва маълум вақт талаб этувчи мурожаатлар ижроси эса назоратга олинди. Бошқарма бошлиғи қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, юртимиздаги ҳар бир йигит-қиз давлат ҳимоясида эканини, уларнинг касб-ҳунар ўрганиши, ишга жойлашиши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш жиноятчиликнинг, айниқса ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва қайта жиноятларнинг олдини олишда муҳим омил экани алоҳида қайд этилиб, масъулларга бу борада аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Қайд этиш жоизки, вилоят бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бундай учрашувлар оғир тоифадаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда муносиб ўрин топишига хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









