Жазони ижро этиш тизимида. Қалб шифокори
2026-01-18 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳаётда йўлдан адашиб, қилган хатолари учун озодликдан маҳрум этилган инсонлар учун руҳий қўллаб-қувватлаш сув билан ҳаводек зарур. Чунки у руҳан синовдан ўтади. Қалин деворлар, темир панжаралар ортида қолган одам учун энг оғир жазо — ўз ўй-фикрлари билан ёлғиз қолиш. Ана шу ҳолатда инсон қалбига йўл топа оладиган, уни тинглай биладиган мутахассис — психолог хизматига эҳтиёж сезилади.
Шундай қалб шифокорларидан бири ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси психологик таъминлаш гуруҳи бош психологи, майор Азиз Сахатовдир.
Унинг фаолияти давомида энг асосий тамойили — инсонга ишонч билан муносабатда бўлиш. Чунки ўзига ишонч билдирилган маҳкумда ҳаётда ўз ўрнини топишига умид уйғонади. Психолог учун энг катта ютуқ ҳам айнан шу — инсон қалбида умид учқунини алангалатишдир.
Лавҳамиз қаҳрамонининг одатдаги иш куни оддий суҳбатдан бошланиб, инсон тақдирига дахлдор қарорлар билан якун топади.
Чунки жазони ижро этиш муассасаларида ҳар бир сўз, ҳар бир муносабат маҳкум руҳиятига бевосита таъсир қилади. Азиз Сахатов учун эса ҳар бир қабул алоҳида масъулият. У ҳеч кимга тайёр маслаҳат бермайди, ҳар бир кишини диққат билан тинглайди. Суҳбатдошининг дардини ҳис этади, сукут ортидаги изтиробни англашга ҳаракат қилади.
Азиз Сахатов ўз фаолиятида кузатув, интервью, тест, социометрия, психологик тренинглар, шунингдек, замонавий терапия усулларидан фойдаланади. Айниқса, сурат чиздириш терапияси, нейрографика ва ассотсиатив карточкалар инсоннинг ички дунёсига йўл очишда самарали воситага айланган.
Бу усуллар орқали киши ўз руҳиятидаги муаммоларни англай бошлайди. Англаш эса ўзгариш томон илк қадамдир.
Инсон ўзини англамас экан, уни ҳеч ким ўзгартиролмайди, — дейди ҳамсуҳбатим,- Биз психологлар йўл кўрсатамиз, аммо бу йўлдан юриш инсоннинг ўзига боғлиқ.
Қалин деворлар ва темир панжаралар ортидаги инсоннинг ҳам қалби бор, орзулари бор. У ҳам ўтмишда йўл қўйган хатоси, содир этган қилмиши учун афсус-надомат чекади.
Ана шу қалбларга йўл топа олишдек нозик ва масъулиятли вазифа Азиз Сахатов сингари моҳир психологлар чекига тушган.
©️ “Postda” газетаси, Адолат Файзиева.
