Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган учрашув ташкил этилди
2026-01-17 07:50:00 / Янгиликлар

Пастдарғом туманида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Тохир Арипов томонидан уюшмаган ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари ҳамда туман ёшлари иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жамиятда фаол, қонунга ҳурмат руҳида тарбияланган авлодни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида вилоят ИИБ бошлиғи ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, зарарли одатлардан йироқ бўлиш мавзуларида ҳаётий мисоллар асосида алоҳида тўхталиб ўтилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Учрашув якунида, тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати









