“14-январ — Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмларида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
2026-01-17 07:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда тантанали тадбир ташкил этилди. Ушбу байрамона учрашувга шартнома асосида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар, сержантлар ва офицерларнинг ота-оналари таклиф этилди.
Тадбир давомида меҳмонлар учун махсус дастур тайёрланди. Ўз фарзандларини ватанпарварлик, мардлик ва садоқат руҳида тарбиялаб, вояга етказган ота-оналарга чуқур миннатдорлик билдирилди. Уларнинг фидойилиги ва сабр-тоқати эътироф этилиб, эсдалик совғалари ҳамда кўкрак нишонлари топширилди.
Байрамона кайфиятни янада кўтариш мақсадида қоровул қўшинлари қўмондонлиги ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди. Тадбир давомида ота-оналар ўз фарзандлари билан фахрланишларини яширмадилар. Улар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган ўғилларининг юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлидаги хизматлари билан фахрланишларини таъкидлаб ўтдилар.
Мазкур тадбир ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.
ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги Ахборот гуруҳи





