Ўзбекнинг биринчи қаҳрамони. Миллатнинг муносиб ўғлони
2026-01-15 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар қандай эр йигит ўз Ватанини муносиб ҳимоя қилишни орзу қилади. Бу орзу айрим инсонлар учун фақат тилда қолмай, амал ва тақдирга айланади. Ана шундай инсонлардан бири Андижон вилояти Қўрғонтепа туманига қарашли Дардоқ қишлоғида 1917 йилда туғилган Қўчқор Турдиев эди.
У Иккинчи жаҳон уруши майдонларида фашизмга қарши жанг қилиб, Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этган, ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирган қаҳрамонлардан бири ҳисобланади.
Қизил Армия сафида фронтга жўнаб кетади. Қўчқор Турдиев 1941 йилнинг кузида Украина ҳудудида кечган қонли жангларда иштирок этади. Харьков вилояти атрофидаги шиддатли тўқнашувлар давомида Турдиев душманнинг пулемёт ўрнатилган объектини йўқ қилади. Жанг вақтида ёқиб юборилган немис қуролидан фойдаланиб, бир неча фашист аскарини ўлдиради. Кейин эса граната билан дзотни портлатиб, икки немис ҳарбийсини асирга олади. Бу ҳаракати бутун бўлинманинг олға силжишига йўл очиб беради.
Ана шу жасорати учун Қўчқор Турдиев 1942 йил 27 март куни «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан тақдирланади. Шу тариқа, у Иккинчи жаҳон урушидаги биринчи ўзбек қаҳрамони сифатида элга танилди.
Унинг номи ўша кунлардан бошлаб, фақат фронт сафларида эмас, балки бутун халқ хотирасида ҳам қаҳрамон сифатида муҳрланиб қолди.
1989 йилда Қўчқор Турдиев билан учрашиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлганман. Ўшанда ундан: «Фашистларни қандай қилиб асир олгансиз?» — деб сўраган эдим. У эса шундай ҳазиломуз жавоб берганди: Мен жанг майдонида эдим. Ҳар томонда бомбалар портлаяпти. Окопдан бошимни чиқариб қарасам, қаршимдан душманлар келяпти. Мен эса қуролимни йўқотиб қўйган эдим.
Аммо яқинимда бир белкурак турган экан. Уни қўлимга олиб «Хендихох» деб бақирдим. Улар қўлларини кўтаришди. Кейин қуролларини ташлашни айтдим. Шу тариқа уларни олдимга солиб кетдим.
Бу шунчаки ҳазил эди, аслида қаҳрамонимиз бошидан кечирган оғир дамларни, юракка из қолдирган дардларни, азобли хотиралар бераётган изтиробни шу тариқа енгар эди.
Урушдан кейин у тинч ҳаётга қайтиб, меҳнат билан шуғулланди, одамлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Узоқ йиллар давомида Жалақудуқ туманидаги Ойим қишлоғида яшаб, жамоа хўжалигида бригадир сифатида фаолият олиб борди.
Шу тариқа, мамлакат иқтисодиётининг ривожига ҳисса қўшиб, ўзининг қаҳрамонлик йўлини шов-шувсиз, оддийлик билан босиб ўтди.
Қўчқор Турдиев 1992 йил 4 август куни вафот этди. Аммо унинг номи, жасорати ва фидойилиги халқ хотирасида абадий яшайди.
У Ватанни ҳимоя қилишнинг қандай бўлишини нафақат сўз, балки бутун ҳаёти билан исботлаб кетган инсон эди.
©️ “Postda” газетаси, Саминжон Ҳусанзода, Андижон вилояти.
