Андижон шаҳрида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди
2026-01-14 15:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 12 январь куни Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар Джабаровлар раислигида Андижон шаҳрининг Мирпўстин маҳалласи ҳудудида оилавий келишмовчилик оқибатида содир этилган жиноят юзасидан кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Дастлаб, ушбу жиноят сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилиб, унинг келиб чиқишига шарт-шароит яратган омиллар туб илдизигача таҳлиллар асосида танқидий муҳокама қилинди.
Олдини олиш мумкин бўлган ушбу жиноятни содир этилишига йўл қўйган барча масъуллар томонидан иш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги ҳам танқид остига олиниб, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Муҳокама йиғилишида “маҳалла еттилиги” аъзолари ва бошқа масъуллар томонидан ушбу содир этилган аянчли ҳолатдан ўзларига етарлича хулоса чиқарган ҳолда келгусида бундай жиноятларга йўл қўймаслик бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, муҳокама давомида аҳоли саломатлигини асраш, айниқса ёш авлодни гиёҳвандлик иллатидан ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ҳамда амалий чоралар бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда кенг тус олаётган киберфирибгарлик хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Хусусан, фуқароларнинг ушбу турдаги жиноятлар қурбонига айланиб қолишларида аксарият холларда уларнинг ишонувчанлиги сабаб бўлаётганлиги кескин танқид остига олиниб, барча огоҳликка чақирилди.
Тадбир якунида келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик борасида тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









