Навоий вилояти ИИБда Қўриқлаш хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан тезкор йиғилиш бўлиб ўтди
2026-01-13 09:30:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг Қўриқлаш хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш Департаменти бошлиғи раислигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар аввалида вилоят ИИБда соҳавий хизматларнинг масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ташкил этилиб, унда қўриқланаётган ҳудудларнинг хавфсизлигини ошириш ва рақамли технологиялар имкониятларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама этилди ҳамда қўриқда бўлган объект ва хонадонларнинг техник ҳолатларини қайта назоратдан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. Жараёнда масъулларга Қўриқлаш бўлинмалари мониторинг марказлари фаолиятни ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари билан узвий боғлаш лозимлиги айтиб ўтилди. Қўриқда бўлган ўта муҳим ва тоифаланган ҳамда халқ хўжалиги объектларининг техник мустаҳкамлик ҳолатлари, ходимларнинг хизмат ўташ шароити ва махсус воситалар билан таъминланганлик даражаси, жанговар тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудида қўриқлаш хизмати фаолиятининг тўғри ташкил этилганлиги, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг соҳавий хизматлар билан ҳамкорлик даражаси алоҳида эътироф этилиб, юқори баҳоланди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати



