Бухоро вилояти ИИБда инспектор-психологлар ва профилактика инспекторлари иштирокида ўқув йиғини ўтказилди
2026-01-10 11:55:00 / Янгиликлар

2025/2026-ўқув йилининг 2-чораги якунлари ҳамда таътил давридан самарали фойдаланиш мақсадида, умумтаълим ва олий таълим муассасаларига бириктирилган инспектор-психологлар, профилактика инспекторлари ҳамда шаҳар-туман ИИБларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари иштирокида ўқув йиғини ўтказилди.
Мазкур ўқув йиғини ходимларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, хизмат фаолиятини такомиллаштириш ҳамда соҳага оид янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида ташкил этилди.
2026-йил 5–10-январ кунларида ўтказилиши белгиланган назарий ва амалий машғулотларга суд, прокуратура, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа тегишли идоралар мутахассислари жалб этилди. Машғулотлар давомида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ҳимоя ордерини расмийлаштириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва гиёҳвандликнинг олдини олиш, эрта никоҳ, суицид ҳолатлари, “Оила–маҳалла–мактаб” тизими, шунингдек хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши чоралар масалалари ёритилди.
Шунингдек, “e-himoya orderi”, “e-inspektor-psixolog” ва “e-voyaga yetmagan” ахборот тизимлари билан ишлаш бўйича тушунтиришлар берилиб, оғир тоифага киритилган ёшлар билан манзилли ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ўқув йиғини хизмат самарадорлигини ошириш ҳамда вояга етмаганлар ва хотин-қизлар билан ишлашда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









