Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс ўқув машғулотлари бўлиб ўтди
2026-01-08 10:40:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида шаҳар-туман ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари иштирокида бошқарма раҳбарияти ҳамда барча соҳавий хизматлари томонидан ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Ўқув машғулотлари давомида ҳар бир соҳавий хизмат томонидан ўз фаолият йўналишига оид долзарб масалалар, амалдаги қонунчилик талаблари, хизматни ташкил этиш тартиби, бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича вазифалар атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, шаҳар ва туман ИИБларида хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, соҳавий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, бошқарув қарорларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Машғулотлар давомида назарий билимлар амалий мисоллар билан мустаҳкамланиб, хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар берилди.
Мазкур ўқув машғулотлари раҳбар кадрларнинг касбий билим ва бошқарув кўникмаларини ошириш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




