Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ҳузурида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган танқидий йиғилиш ўтказилди
2026-01-07 16:40:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ва ходимлари иштирокида 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ПҚ-190-сон қарори ижроси юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда 2025 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари атрофлича кўриб чиқилиб, жумладан оғир оқибатли ЙТҲлар, йўл қопламаси ва йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб юзага келган ҳодисалар, ҳайдовчилар ва пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарликлар ҳар бир йўналиш кесимида аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинди. Шунингдек, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг асосий сабаблари ҳамда профилактика ишларининг самарадорлиги масалалари ҳам танқидий руҳда муҳокама этилди.
Йиғилишда ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари маъруза қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, жумладан йўл белгиларини ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш, хавфли участкаларда сунъий нотекисликлар барпо этиш, светофорларни ўрнатиш ҳамда аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш ҳолатига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, пиёдалар иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш йўналишида белгиланган вазифалар айрим мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан тўлиқ бажарилмаётгани танқидий тарзда таъкидлаб ўтилди.
Муҳокамалар якунида йўл қўйилган камчиликлар, ўз вақтида бажарилмаган вазифалар ҳамда самарасиз ташкил этилган ишлар юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига тегишли эътирозлар билдирилиб, уларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда ПҚ-190-сон қарор ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати









