Ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари асосида белгиланган вазифалар ва чора-тадбирлар
2026-01-07 08:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи Андижон вилоятнинг барча шаҳар-туманларида бўлиб, криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда масъуллар томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижадорлиги ўрганилди.
Балиқчи тумани Ички ишлар бўлимида амалга оширилаётган профилактик ишлар билан танишилди. Тадбир давомида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўрганилди.
Хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг илдиз омилларини аниқлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Тадбир доирасида вилоятнинг қўшни Қирғиз Республикаси билан боғлаб турган «Дўстлик» чегара божхона пости фаолияти ўрганилди. Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш, божхона органлари билан ҳамкорликда хизмат самарадорлигини ошириш ҳамда фуқаролар учун яратилаётган шарт-шароитларни яхшилаш масалалари бўйича масъул раҳбарларнинг тақдимоти тингланди. Ўрганишлар давомида чегара назоратини кучайтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва замонавий техник воситалардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Ички ишлар вазири хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган Хўжаобод тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиевнинг оила аъзолари билан учрашиб, марҳумнинг жасорати ва фидоий хизматини юксак қадрланиши, ходимнинг оиласи ва фарзандларни доимий ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат ва ички ишлар органларининг эътиборида бўлиши таъкидланди.
Ишчи гуруҳ, Қўрғонтепа туманидаги «Марказий деҳқон бозори» фаолияти билан ҳам танишди. Бозор ҳудудида жамоат тартиби, савдо жараёнларининг қонунийлиги ва нарх-наволар барқарорлиги ўрганилиб, аҳоли учун хавфсиз ва шаффоф савдо муҳитини таъминлаш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Хонобод шаҳрининг Қирғиз Республикаси билан чегарадош ҳудудларидаги хавфсизлик масалалари ҳам эътибор қаратилди, масъул раҳбар ва ходимларга ҳудудда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир давомида, вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш хизмати фаолияти ўрганилди. Жараёнда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар, шунингдек кинология маркази хизмат итларининг ҳамда отлиқ хизматнинг тайёргарлик даражаси таҳлил қилинди. Ўрганиш якунлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Республика ишчи гуруҳининг Андижон вилояти ички ишлар органлари фаолиятининг йил якунига бағишланган танқидий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири, вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этишди.
Йиғилишда Андижон вилояти ички ишлар органлари хизматининг йил якуни бўйича вазияти, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар, жумладан Булоқбоши тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи, Хонобод шаҳар Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори, Андижон вилояти ИИБ Эксперт криминалистика маркази бошлиғи, Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ профилактика катта инспектори, Асака тумани ИИБ Жамоат тартибини сақлаш гуруҳи Патруль-пост хизмати инспектори Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар белгилаб олинди.







